Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ванижтимоий фаровонликни ривожлантириш маркази ташкил этилди

Foto: Ijtimoiy himoya agentligi

Ўзбекистонда маҳаллий ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликка кўмаклашиш маркази иш бошлади. Ушбу марказ ижтимоий масалаларни ҳал этиш ҳамда Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий хизматлар тизимларини ривожлантириш бўйича инновацион саъй-ҳаракатлар маркази бўлиб хизмат қилади.

Марказ Ўзбекистон аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий агентлиги, Колумбия университети, UNICEF ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

«Ушбу марказнинг ташкил этилиши ижтимоий хизматларни ривожлантириш ва аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлашнинг янги босқичини англатади. Марказ нафақат билим ва инновациялар манбаи, балки ижтимоий иш ходимлари энг яхши амалиётлар ва тажриба алмашишлари мумкин бўлган жой бўлиб хизмат қилади», – деди Шаҳноза Мирзиёева, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари.

Марказ фаолияти Ўзбекистонда ижтимоий таъминот тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Унинг фаолияти ходимларнинг касбий ривожланишига, самарали дастурлар ва методикаларни яратишга, мазмунли тадқиқотлар ўтказишга ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Ижтимоий хизмат ходимлари камбағалликни камайтириш, хавфларни аниқлаш ва бошқариш, шунингдек, болалар ва оилалар фаровонлигини ошириш учун ижтимоий хизматлардан фойдаланиш ва таъминлашни осонлаштириш орқали ҳамжамиятлардаги болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлашда Марказий рол ўйнайди. Буни таъминлаш учун Марказ ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий хизматлар соҳасида таълим, тадқиқот ва амалиётни ривожлантиришга қаратилган мустаҳкам таълим инфратузилмасини таклиф этади. Марказ Колумбия университети ижтимоий иш мактабининг (CSSW) академик раҳбарлиги ва менторлик ёрдамига таянади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.