Анди Аранитаси ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига раҳбар этиб тайинланди
Анди Аранитаси Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЙТТБ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори ҳамда раҳбари этиб тайинланди. У мамлакат пойтахти Тошкентда фаолият юритади ва 2023 йил 1 сентябрдан ўз ишини бошлайди.
«ЕТТБнинг энг динамик банк ва маслаҳат бўлинмаларидан бирига масъул этиб тайинланганимдан жуда мамнунман. Ўзбекистон тез ривожланаётган иқтисодиёт бўлиб, қайта тикланадиган энергия манбалари ва инфратузилмадан тортиб, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишгача бўлган кўплаб соҳаларда катта тажриба ва молиявий қўллаб-қувватлашни талаб қилади. Мен ўз тажрибам ва кучимни мамлакат билан ҳамкорликни ривожлантиришга ва 2023 йил охиригача тасдиқланиши керак бўлган Ўзбекистон бўйича янги давлат стратегиямизни амалга оширишга йўналтираман», — дейди жаноб Аранитаси.
Албания ва Британия фуқароси бўлган жаноб Аранитаси ишлаб чиқариш, телекоммуникация, агробизнес, мулк ва туризм ҳамда энергетика соҳаларида 25 йилдан ортиқ тажрибага эга. ЕТТБдаги фаолияти давомида у Банкнинг энергетика бўлимида турли юқори лавозимларда ишлаган ва Туркия ҳамда жанубий-шарқий Европадаги энергия лойиҳаларини яратиш, амалга ошириш ва портфелини бошқариш учун масъул бўлган. Мазкур лавозимга тайинланишидан олдин жаноб Аранитаси ЕТТБнинг Шимолий Македониядаги ваколатхонасига раҳбарлик қилган.
Анди Аранитаси Болгариядаги Америка университетида Бизнес бошқаруви ва амалий иқтисод бўйича бакалавр даражасини олган.
Жаноб Аранитаси жаноб Алкис Дракиноснинг ўрнини эгаллайди. Жаноб Дракинос 2017 йилда мамлакат билан қайта алоқа ўрнатилганидан бери Банкнинг Ўзбекистондаги фаолиятини бошқариб келган ва ҳозирда у Тбилисида жойлашган Кавказ минтақавий ваколатхонасига раҳбар этиб тайинланган.
Бугунги кунга қадар ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётига 144 та лойиҳа доирасида 4.37 миллиард евродан ортиқ сармоя киритди. Мамлакат учинчи йилдирки, Марказий Осиёда Банк маблағларини энг кўп олувчи етакчи давлат ҳисобланади.
Шарҳлар