Андижон шаҳар собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров қамоқхонада вафот этди
2022 йил декабрида 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Андижон шаҳар собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров вафот этди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб. Ўлимнинг дастлабки сабаблари тез орада маълум қилиниши кутилмоқда.
Нашр эслатишича, Баҳром Ҳайдаров 2017 йилдан 2019 йил октябрь ойига қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида молиявий жиноятлар содир этганликда гумонланиб, шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари билан 2022 йилнинг 6 июнь куни ҳибсга олинган.
2022 йил декабрида Бахром Ҳайдаров 10 йилга озодликдан маҳрум этилганди. У Республикаси Жиноят кодексининг 167-модда 3-қисмининг «а» ва «в» бандлари («бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ўта йирик миқдорда ўғирлик қилиш»), 209-моддаси 2-қисми («уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб мансаб сохтакорлигини амалга ошириш») ва 243-моддаси («Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш») билан айбдор деб топилган.
Собиқ шаҳар ҳокими 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 350 баравари, яъни 85 750 000 сўм (7,7 минг доллар) жарима жазоси тайинланган.
Жиноятлар Ҳайдаров Андижон вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган вақтида содир этилган. Жиноятда яна 45 киши иштирок этган. Айбланувчилар 63 миллиард сўмдан (5,7 миллион доллар) ортиқ маблағни ўзлаштиришда айбланган. Шундан 16 миллиард сўм (1,4 миллион доллар) қопланган, қолган қисми судланувчилардан биргаликда ундирилади.
Баҳром Ҳайдаров 2019 йил октябрь ойида Андижон шаҳар ҳокими этиб тасдиқланган. Ундан олдинги раҳбар Дилмурод Раҳматуллаев ўша йилнинг ёзида «аҳоли мурожаатлари билан ишлашда йўл қўйган хатолари» учун ишдан бўшатилганди ва унинг ишдан кетишига эротик далиллар ҳамроҳлик қилганди.
Шарҳлар