Андижон вилоятида “Ипак йўли” ЭИЗ дирекцияси ташкил қилинмоқда
Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон вилоятида “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан “Ипак йўли” ЭИЗ дирекциясининг тузилмаси ва низоми тасдиқланди. Дирекция давлат унитар корхонаси шаклида тузилиб, 7 нафар раҳбар ходимдан иборат бўлади.
“Ипак йўли” ЭИЗ жорий йилнинг февраль ойида президентнинг тегишли қарори билан Буюк ипак йўлида жойлашган давлатлар, жумладан, Хитой билан савдо ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган эди. Зонанинг умумий майдони 218 гектардан ортиқ, фаолият муддати қонунга мувофиқ узайтирилиши имконияти билан 30 йилни ташкил қилади. 2025 йил охиригача ЭИЗ ҳудудига 3 миллиард долларлик хорижий инвестиция жалб этилиши режалаштирилган.
Эркин иқтисодий зона иштирокчилари солиқ, божхона имтиёзлари ва преференцияларига эга бўладилар.
“Ипак йўли” ЭИЗнинг асосий мақсадлари ва фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:
— ташқи бозорда талаб юқори бўлган ва импорт ўрнини босувчи юқори қўшилган қийматга эга саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш;
— маҳаллий хомашё ва материалларга асосланган мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш, “Ипак йўли” ЭИЗ иштирокчилари ва республиканинг бошқа ҳудудлари билан саноат кооперациясини ривожлантириш асосида юқори даражадаги саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш;
— ҳудуднинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш асосида саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш, маҳаллий аҳоли учун доимий иш ўринларини яратиш.
Шарҳлар