Андижонда мактаб директори йўқ ҳодимлар ўрнига маош олган

Фото: Литер.кз

Жиноят ишлари бўйича Бўстон тумани судида фирибгарликда айбланиб судланган мактаб директорига суд ҳукми ўқилди.

Маълум бўлишича, судланувчи Х.Қ. 2009 йил октябрь ойидан 2023 йил ноябрь ойига қадарли Андижон туманидаги 15-сонли умумтаълим мактаби директори лавозимида ишлаб келган.  У 2020 йилнинг октябр ойида фуқаро Ш.Асрановни умумтаълим мактабини психологи вазифасига ишга қабул қилиб, 2020 йилнинг декабрь ойидан Ш.Асранов ишга келмай қўйганлигини билгани ҳолда, уни ишдан бўшатиш чораларини кўрмаган.

«Директор иш табелига Ш.Асрановни ишга келаётганлиги тўғрисида сохта ёзувлар киритиб, бу орқали Ш.Асрановга 71.337.900 сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳисоблаб, ойлик иш ҳақларини банк пластик картасига тушириб, пулларни шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборган», – дейилади хабарда.

Бундан ташқари Х.Қ. фаррош бўлиб ишлаган ва кейинчалик ишга келмай қўйган Р.Саидовага нисбатан ҳам шундай йўл тутиб, 12.274.000 сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳисоблаб, ўз манфаатлари учун ишлатиб юборган.

Собиқ директор ўз ўғлини ҳам мактабда мавсумий ишчи сифатида рўйхатдан ўтказган ва Н.Каримовга 2.402.900 сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳисоблаб, жами 86.140.800 сўм ойлик иш ҳақларини банк пластик картасига тушириб олган.

Хабарга кўра, «Судланувчи Х.Қ. умумтаълим мактабида бўлган товар моддий қимматликлардан 5.8636.000 сўмлик 1 дона «Интерактие доска Модел IRDKO92», 5.810.100 сўмлик 1 дона «Видеопроектор для интерактивний доск модел LX 222 S» ҳамда 104.600 сўмлик 2 дона «Симсиз оптик сичконча модель FDMS19», жами 11.778.300 сўмлик миқдордаги товар моддий бойликларни дастлабки тергов давомида аниқлашни имкони бўлмаган йўллар орқали ўзлаштириш йўли билан талон- тарож қилган».

Судланувчи юқоридаги кўрсатилган айбларга иқрор бўлган. ЖК 59-моддаси тартибида тайинланган жазолар қисман қўшилиб, Х.Қ.га 1 (бир) йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида, яъни 8.250.000 сўм жарима жазоси тайинланди.  Шунингдек, жами 98 миллион сўмдан ошиқ маблағ зарарни қоплаш мақсадида суд ҳукми кучга киргандан сўнг давлат бюджетига йўналтирилиши белгиланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.