Андижонда тўртта автомобил иштирокида ЙТҲ содир бўлди
Андижон вилояти Марҳамат туманида тўртта автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ хабар бермоқда.
Ҳодиса 29 июнь куни соат 20:50 ларда, Марҳамат тумани “Гар-Гар” МФЙ ҳудудидан ўтган 4Р-138 автомобиль йўлининг 33 км.да юз берган.
24 ёшли ҳайдовчи ўзининг Nexia-2 русумли транспорт воситасида иккинчи даражали йўлдан асосий йўлга кескин чиқиб юбориши натижасида, асосий йўлдан келаётган Matiz русумли транспорт воситаси билан тўқнашиб кетган ва Matiz транспорт воситасининг ҳайдовчиси руль бошқарувини йўқотиб, қарама-қарши томонга ўтиб кетиши оқибатида, ўз йўналишида келаётган Nexia ва Tracker русумли транспорт воситалари билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Ушбу ЙТҲ оқибатида, Matiz автомашина ҳайдовчиси тан жароҳати олиб, туман шифохонасига мурожаат қилган, шунингдек, транспорт воситалари техник шикастланган.
Шарҳлар