Андижондаги каналдан 5 ёшли қизчанинг жасади топилди, у Ўшдан оқиб келгани аниқланди
Ижтимоий тармоқларда Хўжаобод туманидан оқиб ўтувчи Шаҳрихонсой каналидан кичик ёшдаги шахс ҳаёт аломатларисиз топилгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги расмий муносабат эълон қилди.
Таъкидланишача, мазкур ҳодиса вилоят ҳамда туман ҳокимликлари, шунингдек, вилоят ИИБ томонидан назоратга олинган.
Кичик ёшли бола тахминан 5-6 ёшда экани тахмин қилинмоқда. Қиз бола жинсига мансуб.
Жалақудуқ ва Хўжаобод туманлари ҳудудидаги тезкор ўрганишлар давомида ушбу ҳудудларда бу ёшдаги фарзандини йўқотган ҳеч бир оила ёки топилган шахсга, шу вазиятга боғлиқ бирорта ҳолат аниқланмади.
Кейинроқ қизча Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги оиладан экани тасдиқланди.
Юборилган фотосурат орқали Ўшдаги оила вакили бу қизалоқ унинг ўз оиласидан эканини тасдиқлаган.
Ҳозирда оила вакили Хўжаобод тумани сари йўлга чиққанини билдирган. Вилоят ҳокимлиги ва тегишли органлар томонидан мазкур оилани қўллаб-қувватлаш ҳаракатлари ташкил этилди.
Аввалроқ, кучли сел туфайли Андижонда кўприк қулаб тушгани ҳақда хабар берилган эди.
Шарҳлар