Андижон тиббиёт институти деканининг ўринбосари 16 минг доллар пора олаётганда қўлга тушди
Давлат хавфсизлик хизмати ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан биргаликда олий ўқув юртларига пул эвазига ўқишга киритиш ва кўчириш билан боғлик аниқланган ноқонуний ҳолатлар ҳақида хабар берди, деб ёзади “Газета” нашри.
Андижон шаҳрида яшовчи 27 ёшли шахс фуқарони Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 19 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида фуқаро пулдан 16 минг долларини институт декан ўринбосарига бериши кераклиги маълум бўлиб, сўралган пулни олган вақтида у ҳам ушланган. Шунингдек, ишга алоқадор бўлган олий ўқув юртининг ўқитувчиси ҳам қўлга олинган.
Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида яшовчи шахс 2 нафар фуқарони Чирчиқ давлат педагогика университетининг бошланғич таълим йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 12,5 минг доллар олган вақтида ушланган.
Бухоро давлат педагогика институти ходими 2 нафар фуқарони мазкур олий ўқув юртининг ҳарбий таълим факультетига ўқишга кириш учун бўладиган имтиҳонлардан ўтказиб қўйиш эвазига 5 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 4 минг доллари олган вақтида қўлга олинган.
Сирдарё вилояти Гулистон туманида яшовчи, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган, 32 ёшли шахс Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи фуқарони Гулистон давлат университетининг жисмоний тарбия йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 минг доллар талаб қилиб, 3900 доллари ва 1 млн 150 минг сўм олган вақтида ушланган.
Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи, 28 ёшли шахс эса фуқаронинг ўғлини Қозоғистондаги университетнинг 2-босқичини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштириб, Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларидан бирининг 3-босқичига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1600 доллар олган вақтида қўлга олинган.
Шарҳлар