Андижон вилоятида 21 ёшли жувон уйида осилган ҳолда топилди
Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида 21 ёшли аёл О.С. ўзининг яшаш уйидаги молхонанинг тўсин қисмига арқондан сиртмоқ ясаб, унга ўзини бўйин соҳасидан осиб, ўз жонига қасд қилган.
Судга оид тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотномасига кўра, С.О.да бўйин аъзоларини сиртмоқ билан сиқилиши натижасида юзага келган механик асфикция, ўпка висцерал плевра варақлари ости ва юрак эпикард ости соҳаларига қон қуйилиши, бўйин соҳасидаги странгуляцион эгат шилинма, бош пешона ва чап қулоқ супраси атрофида шилинма кўринишидаги жароҳатлар мавжудлиги кўрсатилган.
Кахрамон Юлдашев, марҳуманинг отаси қизининг ўлими сабабларидан шубҳаланмоқда. Унинг сўзларига кўра қизи 18 ёшида 2020 йил сентябрида 1996 йилда туғилган фуқарога турмушга чиққан.
«2021 йилда қизим ўғил фарзанд кўрди. Неварам ҳомиланинг саккизинчи ойида дунёга келди, яъни муддатидан олдин эрта туғилди. Шу сабабли уни даволатиш пайтида харажатлар кўпайди. Шундан кейин қудалар ўртасига совуқчилик тушишни бошлади. Қизим қайнонаси ва қайнакасидан кўп шикоят қиларди. Куёвим эса кўп урарди. Буни фарзандимнинг ўзи айтмасди, у-бу жойининг кўкаришидан сезардик», — дейди ота.
Унинг таъкидлашича, қизи 2022 йил кузда оилавий жанжал туфайли уч ой давомида ота уйида яшаган.
Отанинг сўзларига кўра, у Россияда ишлайди, қизининг ўлими ҳақида ўша ерда хабар топган.
Қаҳрамон Юлдашевнинг сўзларига кўра, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Андижон филиали ходимлари томонидан унга ўлим ҳақида далолатнома қайд қилинганлиги тўғрисидаги маълумотнома берилган холос. Экспертиза хулосасининг тўлиқ варианти эса ҳалигача берилмаяпти.
«Қизимнинг жасадини ва унинг бош, бўйин ва қўл қисмиларидаги кўкариш ҳолатларини ўз кўзларим билан кўрдим. Жасадни ювган ғассол аёллар ҳам қизимнинг баданларида кўкариш борлигини айтишди. Воқеа бўлган куни қайнотам ва опам ўша хонадонга борган. Улар қизимнинг жасадини кўришганида бўйнида арқон излари йўқ бўлган. Қайнотам узоқ йил шифокор бўлиб ишлаган. У ҳам ўлим сабабларига шубҳаланяпти», — дейди ота.
“Агар қонунлар ишламай, жиноятчилар аниқланмаса, қизимнинг қабрини кавлаб, жасадани қайта суд экспертизасидан ўтказишгача бораман”, — дейди у.
«Қизим келинлик уйида кучли калтакланган. Шу сабаб ярим жон бўлган ёки хушидан кетгач, улар ўлдириб қўйган ё молхонага олиб кириб, осиб қўйишган», – дея қайд этади ота.
Шарҳлар