Қашқадарёда республикада ягона “ақлли” сув тарқатиш шохобчаси иш бошлади
Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Қарши шаҳрида республикада биринчилардан бўлиб “ақлли” сув тарқатиш шохобчаси иш бошлади, деб хабар бермоқда ЎзА.
Объектни фойдаланишга топшириш маросимида Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов, секторлар раҳбарлари, тегишли соҳа вакиллари иштирок этди.
Ақлли сув тарқатиш шохобчасининг афзалликлари нималардан иборат?
“Қашқадарё сув таъминоти” АЖ мутахассисларининг маълум қилишича, илгари бу каби шохобчалар тартибсиз ишлатилган, яъни сув қуювчи гусаклардан қанча сув олинаётгани, қанча нархга сотилаётганини ҳисоб-китоби юритилмаган.
Энди эса бу жараён автоматлашган ҳолатда 24 соат давомида ишлайди. Энг муҳими, шохобчасидаги гусаклар инсон омилисиз ишлайди. Бунда сув ташувчи смартфонига ўрнатиб олинган махсус мобил илова орқали танлаган колонкасига келиб, ўзига керакли сув миқдорини белгилайди. Таблода сув миқдори, сўммаси кўринади ва старт тугмасини такрор босгандан кейин керакли сув миқдори қувур орқали мижозга етказиб берилади.
Лойиҳа қиймати 3 миллиард сўмни ташкил қилган энергия тежамкор мазкур лойиҳа Қарши шаҳрида республикада биринчи бўлиб амалга оширилган. Бу эса шохобчадан ташиб кетилаётган сувнинг аниқ ҳисоб-китобини юритиш, тушаётган маблағларни ҳам тўлиқ назорат қилиш имконини беради.
Шунингдек, тадбир давомида “Қашқадарё сув таъминоти” АЖнинг ҳудудий филиалларига авария-тиклаш бригадалари учун махсус жиҳозланган 14 та “DAMAS-VAN” русумли автомашиналар ва Қарши шаҳар филиалига бир дона экскаватор топширилди.
Шарҳлар