Ҳар ойда энг кўп импорт бўлаётган истеъмол товарлари рўйхати ва ҳажми тадбиркорларга эълон қилиб борилади

Фото: Prezident matbuot kotibi

Йиғилишда биринчи олти ойда маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқариш 34 фоизга ўсгани таъкидланди. Лекин ҳамма тармоқ ёки ҳудудда ҳам ишлар бир хил эмаслиги қайд этилди.

Давлат харидида маҳаллий маҳсулотлар улуши 78 фоизни ташкил қилса-да, айрим вазирликларда ўзимизда бор маҳсулотни импорт қилиш ҳолатлари ҳанузгача давом этаётгани танқид қилинди.

Шу боис маҳаллийлаштириш бўйича ишлар янгича тизим асосида ташкил қилинади. Ҳар ойда энг кўп импорт бўлаётган истеъмол товарлари рўйхати ва ҳажми тадбиркорларга эълон қилиб борилади. Рақобат қўмитаси ҳудуд ва тармоқ кесимида ўрганиб, бозорда етишмаётган маҳсулотлар бўйича янги қувватларни яратиш ва мавжудларини кенгайтириш бўйича таклифларини беради. Ушбу таклифлар асосида аниқ лойиҳалар пакети шакллантирилади, улар 20 та йирик тармоқ қувватларида ёки ҳудудий корхоналар билан кооперация асосида амалга оширилади.

Бу янги тизимни жорий қилиш учун Ҳукуматда маҳаллийлаштириш бўйича алоҳида тузилма ташкил қилинади. Умуман, жорий йилда 92 триллион сўмлик маҳсулотни маҳаллийлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, вазирлик, идоралар ва ҳокимликларнинг Кооперация порталидаги иштироки етарли эмаслиги қайд этилди. 63 мингта маҳаллий корхонадан атиги 5 фоизи маҳсулотини порталга чиқармоқда.

Мутасаддиларга йил якунига қадар барча ҳудудий саноат корхоналарини порталга тўлиқ улаш топширилди. Маҳаллий маҳсулотлар учун 520 та миллий стандартни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Экспорт масалалари таҳлил қилинар экан, тармоқ ва ҳудудлар йил бошидан 8,7 миллиард долларлик маҳсулотини четга сотгани таъкидланди. Лекин 9 та туманда экспорт ўтган йилги кўрсаткичнинг ярмига ҳам етмаган.

Яна бир масала – хорижий давлатлар ички бозорини ҳимоя қилиш учун кўплаб тариф ва нотариф тўсиқларни белгиламоқда. Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор идораларга ушбу тўсиқларни юмшатиш юзасидан музокара ўтказиб, келишувга эришиш топширилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 910 миллион долларни ташкил қилди. Йил якунигача режа қилинган экспортни таъминлаш учун биринчи галда қайта ишланган мева-сабзавот экспортини кескин кўпайтириш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳозирда сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш қувватларини ошириш бўйича 9 триллион сўмлик 382 та лойиҳа бўйича ишлар бошланди.

Бундай лойиҳаларни кўпайтириш, йил якунигача жами қуввати 57 минг тонна бўлган 10 та агрологистика маркази, 230 минг тонналик совуткичли омборхона қуриш зарурлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга мева-сабзавотни сақлаш сиғимини 63 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.