Арманистон ҳукумати давлат тўнтаришининг олди олингани ҳақида билдирди
Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан “қуролли тўнтариш йўли билан ҳокимиятни тортиб олишга уринишнинг” олди олинди, деб ёзади News.am мамлакат Тергов қўмитасининг баёнотига таяниб.
Тергов қўмитаси тўнтаришни тайёрлашда Арманистоннинг беш фуқароси, Тоғли Қорабоғнинг собиқ икки фуқароси ва “шахслари ҳали аниқланмаган шахслар” иштирок этганини даъво қилмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, 2024 йил давомида улар Арманистон фуқаролари ва Тоғли Қорабоғ аҳолисини ўз сафига жалб қилган, уларга ойига 220 минг рубль тўлашга ваъда берган. Ушбу пул учун ёлланганлар янги оғир қуроллар билан танишиш, улардан фойдаланишни ўрганиш ва жанговар вазифани бажариш учун Россияда уч ойлик тайёргарликдан ўтишлари керак бўлган.
Тергов қўмитасининг таъкидлашича, ёлланганлар Ростов-Донга юборилган, у ерда сиёсий қарашларига аниқлик киритиш учун полиграф ёрдамида синовдан ўтказилган. Шундан сўнг, ёлланганлар “Арбат” ҳарбий базасига жойлаштирилган, у ерда улар жанговар тайёргарликдан ўтган.
“Уларга машғулотлардан мақсад Арманистон Республикасига қайтиш ва амалдаги ҳукуматни ағдариш экани айтилган”, — дейилади хабарда. Ёлланганларнинг баъзилари бунда иштирок этишдан бош тортиб, Арманистонга қайтган, бошқа гумондорлар эса «жиноятни охиригача етказа олмаган».
Ушбу жиноятни содир этган 7 нафар шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Уч нафари қўлга олинган, яна тўрт нафари қидирувга берилган.
Қўлга олинган шахсларга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида судга илтимосномалар киритилган. Илтимосномалар қаноатлантирилган. Ҳозир жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлаш бўйича фаол чоралар кўрилмоқда, дейилади хабарда.
Шарҳлар