Қашқадарё вилоятида браконьер қизил китобга киритилган 43 та эчкиэмарни ўлдирди
Қашқадарё вилоятининг Касби туманида браконьер қизил китобга киритилган 43 бош эчкиэмарларни ўлдириб, терисини шилган. Браконьер 14 июнь куни ўтказилган экорейд давомида қўлга олинди. Бу ҳақда “Қашқадарё янгиликлари” нашри ёзади.
Касби маҳалласида яшовчи фуқаронинг уйидан “Қизил китоб”га ва CИТEС конвенциясининг 1-иловасига киритилган эчкиэмарларнинг 43 та териси, шунингдек, 20 та тирик кулранг эчкиэмар топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан “Экологик назорат тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддаси, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 47, 49, 50-моддаси, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 51, 53-моддалари, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 202-моддаси (Ҳайвон ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) талаблари бузилганлиги юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Экологларнинг қайд этишича, Касби шаҳрида яшовчи фуқаро ўз қилмиши билан жами 311 миллион 850 минг сўм зарар етказган. Йиғилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.
Тирик эчкиэмарлар улар яшайдиган Муборак туманининг чўл ҳудудига қўйиб юборилди.
Шарҳлар