Қашқадарёда таксис 17 ёш қизга зўравонлик қилган
5-Ноябр куни Қашқадарё вилоятида вояга етмаган қиз такси ҳайдовчиси томонидан ҳужумга учрагани ҳақида Nemolchi.Uz хабар берган эди. Мурожаатда айтилишича, қиз қочиб қутулган ва дарҳол ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган. Аммо, ҳуқуқ-тартибот органлари унинг баёнотини қабул қилмаган ва чора кўрмаган. Қизнинг кўрсатмаларига кўра, ҳужумчи аниқланмаган ва 10 кун ичида ҳеч қандай суд-тиббий экспертиза ҳам тайинланмаган. Ушбу вазият жабрланувчининг руҳий ҳолатини янада мураккаблаштирган, ҳужумчи эса озодликда қолмоқда.
Ушбу ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган. Омбудсманнинг маълумотларига кўра, Қашқадарё вилояти Қарши туманида такси ҳайдовчиси йўловчиси бўлган 2007-йилда туғилган, вояга етмаган қиз Ҳ.Д. га нисбатан жинсий тегажоғлик ҳаракатларини содир этганлиги ҳолати юзасидан хабар берган.
Ҳозирда вояга етмаган Ҳ.Д. га нисбатан жинсий зўравонлик ҳолати бўйича Қашқадарё вилояти, Қарши тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан ўз кузатувини давом эттиради. Бу борада қўшимча равишда ахборот берилиши айтилган омбудсман хабарида.
Шарҳлар