Қашқадарёда “троллар фабрикаси”ни тузишни таклиф қилган талаба ҳокимликка ишга олинди

Источник: кадр из видео

13 декабр куни ҚарДУнинг тиббиёт факультети учун қурилган янги бино фойдаланишга топширилди. Бу маросимда вилоят ҳокими Муроджон Азимов ҳам иштирок этиб, тадбирдан сўнг вилоят ҳокими ҳамда ёшлар ўртасида мулоқот ўтказган. Учрашув давомида Қарши давлат университети талабаси бўлган қиз вилоятнинг ҳар бир туманида олийгоҳ талабаларидан иборат, танқидий материалларга муносиб жавоб қайтара оладиган гуруҳлар ташкил этиш таклифини берган. Учрашув видеоси ўқув юртининг Telegram-каналида чоп этилди, деб ёзади Kun.uz.

«Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси ҳузурида вилоятимизнинг ҳар битта туманида ОТМ талабаларининг кўнгилли ёшларидан ташкил топган ёш блогерлар жамоасини шакллантириш ва уларни керакли техник жиҳозлар билан таъминлаш, ҳамда уларга мунтазам равишда ўқув-семинарларни ташкил этиш керак», – деган талаба қиз.

У бу нега кераклигини ҳам айтган.

«Бундан кўзланган асосий мақсад нима? Юртимизда олиб борилаётган, айниқса, Қашқадарё вилоятида олиб борилаётган ижобий ўзгаришларни кенг халқ оммасига тарғиб қилиш бўларди. Айрим «блогерлар» томонидан танқидий масалаларга баъзи ҳолатларда нотўғри томондан ёндашаётгани вилоятимизнинг баъзи бир жойларида ва ўзингиз айтгандай бизни хафа қиладиган даражага етказяпти. Биз шундай жамоа шакллантирайликки, юзта оқ нарсани кўрсатмасдан битта қора нарсани кўрсатаётганлар учун ижобий жавоб қайтара оладиган жамоа шакллантирсак, менинг таклифим шу», – деган у.

Муроджон Азимов қизнинг таклифини эшитгач, унинг талаба эканлигини билиб уни вилоят ҳокимлигига ишга олишини айтган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Қашқадарё вилояти бошқармаси “троллар фабрикаси”ни ташкил қиладими ёки йўқми, ҳозирча номаълум. “Ёш блоггерлар жамоаси” қайси маблағлар ҳисобидан сақланиши ҳам маълум эмас.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.