Ашхободда ўтказилган уч томонлама саммитда шавкат Мирзиёев нималар ҳақида гапирди
Ўзбекистон президенти 4 август куни Туркманистон президенти раислигида ҳамда Тожикистон президенти иштирокида ўтган уч томонлама саммитда нутқ сўзлади.
Шавкат Мирзиёев янги хавф-хатарларга эътибор қаратиб, уларга муносиб ва чуқур ўйланган жавобларни биргаликда излаш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Бу минтақада сув танқислиги тобора ортиб, кейинги йилларда кескин тус олаётган шароитда айниқса муҳимдир, дея қайд этди давлат раҳбари.
Сув тежайдиган илғор технологияларни жорий этиш ва ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, сел ва тошқин сувларини тўплаш ва сақлаш учун инфратузилмани биргаликда ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш таклиф қилинди.
– Бу масалаларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг бутун салоҳиятини ҳамда Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки каби шерик ташкилот ва тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни ишга солиш лозим, – деди давлатимиз раҳбари.
Мамлакат етакчиси “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон” йўлагининг ривожлантирилиши, Транскаспий йўналиши салоҳиятининг ишга солиниши Марказий Осиёнинг “Шарқ – Ғарб” ва “Шимол – Жануб” халқаро йўлакларидаги транзит маркази сифатидаги жозибадорлигини оширишига ишонч билдирди.
Шу мақсадда халқаро юк ташувчилар учун қулай шароитлар яратиш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва назорат-ўтказиш масканларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш йўлида биргаликда ишлаш таклиф қилинди.
Дунёнинг бош майдони – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва минтақа мамлакатлари томонидан илгари сурилаётган ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.
Давлат раҳбари сўзининг якунида Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва равнақни таъминлашга қаратилган ташаббусларни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.
Шарҳлар