Қатар Трансафғон темир йўли қурилишида иштирок этиши мумкин
Қатар Трансафғон темир йўли қурилишида иштирок этиши мумкин, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги. Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Қатарнинг тегишли департаменти раҳбари ўринбосари Ҳамад Исо Абдулла ўртасидаги учрашувда шу масала муҳокама қилинди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш билан боғлиқ жиҳатлар муҳокама этилди. Хусусан, трансафғон темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга оширишда Қатар Давлати иштирокини таъминлаш юзасидан фикр алмашилди. Учрашув давомида мазкур лойиҳа юзасидан “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ вакиллари иштирокида тақдимот ўтказилди.
600 км узунликдаги Транс-Афғон темир йўли Термиздан бошланиб, Мозори Шариф ва Логардан ўтиб, Куррамдаги Покистон темир йўллари билан боғланади.
Унинг қурилишини якунлаш учун беш йил ва 5 миллиард доллар ажратилган бўлиб, янги транзит йўналиши Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари, Россия, Европа Иттифоқи, Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистонни боғлайди.
Шунингдек, фуқаро авиацияси соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида «Qatar airways» авиакомпанияси томонидан Доха – Тошкент – Доха йўналишида авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди.
Қатар Давлати Транспорт вазири ўринбосари Ҳамад Исо Абдулло мазкур масалада ҳозирда давлат ички жараёнлари тугатилаётганини, 2024 – йилнинг март ойи охиридан рейсларни йўлга қўйиш режалаштирилганини маълум қилди.
Шарҳлар