Қатарнинг Power International Holding компанияси Ўзбекистонда ўз офисини очади

Фото: president.uz

Ўзбекистон президенти 1 октябрь куни Доҳа шаҳрида ўзига ажратилган қароргоҳда “Power International Holding” компанияси бошқаруви раиси Мутаз ал-Ҳаййатни қабул қилди.

Мамлакатимизда юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль магистралини барпо этиш, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ишбилармонлик ва меҳмонхона инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш объектларини ташкил этиш истиқболли лойиҳалар сифатида қайд этилди.

Қатар томони тез орада холдинг Ўзбекистонда ўз офисини очишини маълум қилди.

“Power International” – дунёнинг 19 та мамлакатида энергетика, нефть-кимё, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш, туризм каби соҳаларда фаол иш олиб бораётган Қатарнинг энг йирик миллий холдинги. Яқин Шарқдаги етакчи кўп тармоқли компаниялардан биридир.

Давлат раҳбарининг матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, ушбу компания билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида келгусида минтақанинг энг катта агросаноат мажмуаси бўладиган замонавий чорвачилик кластери қурилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.