Қатор мамлакатлар билан авиақатновлар тўхтатилди – Ўзбекистонда янги коронавирус чекловлари
Республика махсус комиссиясининг йиғилишида янги йил арафасида мамлакатда эпидемиологик вазиятнинг барқарорлигини сақлаб қолиш ва мамлакат ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги “омикрон” штамми кириб келишига йўл қўймаслик бўйича бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.
Хусусан, 2021 йил 3 декабрдан 2022 йил 10 январга қадар Жанубий Африка Республикаси, Ботсвана, Намибия, Зимбабве, Мозамбик, Мадагаскар, Лесото, Эсватини, Танзания ва Гонконг билан халқаро авиақатновлар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республика ҳудудига кириш) тўхтатилади.
Мазкур давлатларнинг фуқаролари ва ушбу давлатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, сўнгги 14 кун давомида юқоридаги давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига киритилмайди.
Масъул вазирлик ва идоралар ушбу давлатлардаги мавжуд эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда улар билан халқаро авиақатновларни босқичма-босқич тиклаш юзасидан таклиф киритиб бориши белгиланди.
Шунингдек Республика махсус комиссияси Ўзбекистон ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги “омикрон” штамми кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида мамлакатга киришнинг янги тартибини белгилади. Жумладан, эндиликда хорижий давлатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар:
— Мамлакатга ташриф буюришидан камида 72 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР-тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумотномага эга бўлишлари лозимлиги;
— Коронавирус инфекциясига ПЗР-тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумоти мавжуд бўлмаганда, аэропорт, темир йўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс тест топширишлари шартлиги белгиланди.
Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг қарори билан Австралия, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия ва Миср давлатлари ҳудудидан Ўзбекистон ҳудудига кириб келувчи йўловчилар юқоридаги талаблар бажарилгандан сўнг мамлакат ҳудудига кириб келган кундан эътиборан ўн кун давомида мажбурий уй карантини ёки ўз ҳисобларидан меҳмонхонага карантинга жойлаштирилади.
Бундан ташқари, Махсус комиссия Янги йилни оилада байрам қилишни тавсия этади.
Шарҳлар