Bo'limsiz

Авлоний номидаги институтнинг мансабдор шахслари талон-тарожликда айбланмоқда

Источник: Anhor.uz

Абдулла Авлоний номидаги Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти мансабдорларига нисбатан манфаатлар тўқнашуви сабаб жиноий иш очилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги буни февраль ойида келиб тушган мурожаат асосида ўрганиб чиққанини маълум қилди, деб ёзади “Газета” нашри.

Институт Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарашли ташкилот ҳисобланади. 2020 йилда Россия маориф вазирлиги ва ўша вақтдаги Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги 5 млн доллар сармоя киритган Алишер Усмоновнинг «Санъат, фан ва спорт» хайрия жамғармаси кўмагида амалга оширилиши айтилган «Зўр!» («Класс») лойиҳаси йўлга қўйилган.

2021−2022 ўқув йилларида лойиҳа бўйича ҳудудлардаги мактаб ўқувчиларига рус тилини ўргатиш учун Россиядан 150 нафар мутахассис келиши керак эди. Уларнинг уй ижараси учун «Araks Trade Business» МЧЖ билан 8 млрд 473,4 млн сўмлик шартнома имзоланган. Ушбу шартнома комплекс экспертизадан ўтказилмаган ва уни тузишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган, дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, «Araks Trade Business»нинг 2013−2021 йиллардаги таъсисчиси бўлган шахс 2018 йилдан буён институтда ўқув-методик ишлар бўйича проректор бўлиб ишлайди.

Шартномага мувофиқ, институт 149 та уй-жой ижараси ва кўрсатилган хизматлар учун МЧЖга 7 млрд 52 млн сўм маблағ ўтказиб берган. Бироқ қилинган харажат 4 млрд 858 млн сўмга тенг. Оқибатда «Araks Trade Business»га 2 млрд 194,2 млн сўм маблағ ортиқча тўлаб берилган ва бу маблағ кейинчалик ўзлаштирилган. Хусусан, 149 кишидан 31 нафар россиялик ўқитувчи амалда келмаган бўлса-да, 4 ойдан 10 ойгача яшамаган ижара уй-жойлари учун 569,4 млн сўм пул тўланган.

Аниқланган ҳолат бўйича қонуний қарор қабул қилиш учун ҳужжатлар Бош прокуратурага юбориди. Терговга қадар текширув натижалари бўйича шаҳар прокуратураси институт ва «Araks Trade Business»МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда ҳолат бўйича суд жараёнлари кечмоқда.

Агар мансабдорларнинг айби тасдиқланса, улар БҲМнинг уч 300−600 бараваригача миқдорда жарима тўлаши ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилиши ёхуд 5−10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.