Австралиялик чим устида хоккейчи Олимпиадада қатнашиш учун бармоғининг бир қисмини кестирди

Фото: Getty Images

Австралиялик чим устида хоккейчи, 30 ёшли Мэтт Доусон Париждаги Олимпиада ўйинларини ўтказиб юбормаслик учун бармоғининг бир қисмини кестириб ташлашга қарор қилди.

Доусон икки ҳафта олдин Пертдаги машғулотлар чоғида ўнг қўлининг бармоғини синдириб олганди. Унинг сўзларига кўра, синиш шунчалик жиддий бўлганки, у кийиниш хонасида бармоғини кўриб, Олимпиадада қатнашиш орзусига якун ясалди деб ўйлаб ҳушидан кетган.

Жарроҳ унга операциядан кейинги тикланиш бир неча ой давом этишини маълум қилган, бу унинг Олимпиададаги иштирокини истисно қилган бўларди. Бироқ, Доусон шикастланган бармоғининг бир қисмини ампутация қилишга қарор қилади.

Унинг қарори жамоани ҳам, яқинларини ҳам ҳайратда қолдирди. Хоккейчининг рафиқаси ундан «ўуланмаган ишларни» қилмаслигини сўраган, аммо Доусон бу онгли танлов эканлигини айтган.

«Ким билади, эҳтимол бу менинг сўнгги Олимпия ўйинларимдир», – дейди у Parlez Vous Hockey подкастига берган интервьюсида.

Жамоа сардори Аран Залевски жамоа аввалига шокда бўлганини, аммо охир-оқибат уни қўллаб-қувватлаганини таъкидлади. Энди у операциядан атиги 16 кун ўтиб майдонга чиқади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.