Тошкентда автобус ҳайдовчилари ўртасида чиққан жанжал юзасидан расмий муносабат билдирилди
Тошкентда иккита автобус ҳайдовчилари ўзаро жанжаллашган, улардан бири йўловчилар бўлишига қарамасдан автобус калитини олиб кетиб қолган. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ матбуот хизмати воқеа юзасидан расмий муносабат эълон қилди.
2024 йил 12 апрель куни соат 20:05 ларда «5-автобус саройи» филиали тасарруфида бўлган “МАN А22” русумли давлат рақами 01|651 HКА, сарой рақами 131-бўлган, 1-йўналиш бўйлаб ҳаракатланадиган автобус ҳайдовчиси Р.Ў, 1-йўналишда ҳаракатланучи “МАN А22” русумли, давлат рақам 01| 652 HКА, сарой рақами 128-бўлган автобус ҳайдовчиси М.Ф белгиланган ҳаракат жадвалига риоя қилмасдан Р.Ў бошқарувидаги автобусдан олдин «БИЙ» бекатидан «Югнакий мавзеси» бекати томон ҳаракатни олдин бошлаб юборгани сабали М.Улуғбек тумани Буюк Ипак Йўли кўчаси «Саёҳат» бекати қаршисида ўзаро жанжаллашган ва ҳайдовчи Р.Ў ҳайдовчи М.Ф бошқарувида бўлган “МАN А22” русумли давлат рақами 01| 652 HКА белгили автобуснинг калитини олиб кетиб қолган.
Мазкур ҳолатдан хабар топган “5-автобус саройи” мутасаддилари тезкорлик билан йўналишга чиқиб автобуснинг калитини ҳайдовчига етказишган ҳамда автобус ўз йўналишида ҳаракатланиб йўловчиларни белгиланган манзилга олиб борган.
Шундан сўнг ушбу икки автобус “5-автобус саройи” филиали ҳудудига олиб келинган ва ҳайдовчилар билан бўлган воқеа юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, йўналиш давомида автобусда йўловчилар бўлишига қарамасдан ушбу автобуснинг калитини олиб кетиб, йўловчиларни кутиб қолишларига сабаб бўлганлиги ва корхона ички меҳнат тартибини бузганлиги учун ҳайдовчи Р.Ў га нисбатан қатъий интизомий чора кўрилиши маълум қилинди.
Шарҳлар