Энди пенсия ёшига етган фуқароларга автоматик тарзда пенсия тайинланади
2024 йил 1 январдан бошлаб, фуқароларга пенсия тайинлашни сўраб қўшимча равишда Давлат хизматлари марказига ташриф буюрган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн мурожаат қилиш ҳуқуқи берилган эди.
“Фуқаро жамғарган пенсия маблағларини Халқ банкининг мобил иловаси орқали олиш имконияти яратилди. Бунда, фуқароларга пенсия тайинланганидан сўнг жамғарган пенсия пулини олиш учун Пенсия жамғармасидан қоғоз шаклидаги сертификат бериш тартиби бекор қилинди”, – дейилади хабарда.
2025 йил 1 мартдан бошлаб пенсия ёшига етган фуқароларга пенсиялар “автоматик” тарзда, яъни ҳеч қандай ҳужжат талаб этмаган ҳолда, фуқаронинг мурожаатисиз тайинланади. Фуқаронинг шахсига оид барча маълумотлар эса вазирлик ва идораларнинг электрон базаларидан олинади.
Ушбу қулайликларнинг йўлга қўйилиши натижасида:
- Фуқаролардан пенсия тайинлаш учун қўшимча ҳужжатлар йиғиш учун Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилиш талаб этилмайди;
- Пенсия ёшига етган фуқаронинг телефон рақамига “пенсия тайинланганлиги ва унинг миқдори” тўғрисида маълумот юборилади;
- Пенсияга чиқмасдан иш фаолиятини давом эттириш истагида бўлган ёки пенсия миқдоридан норози бўлган фуқароларга “автоматик” тайинланган пенсияни тўхтатиш ҳуқуқи берилади;
- Фуқаро пенсия тайинланганидан, пенсия миқдоридан ёки пенсия тайинланиши рад этилганидан норози бўлган тақдирда Пенсия жамғармасининг туман бўлимига тегишли тартибда ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.
Шарҳлар