Ёқилғи бакида дори воситаларини олиб келаётган автомобиллар ушланди
Фарғона вилояти пости орқали қўшни давлатдан Ўзбекистонга ҳаракатланаётган фуқаро бошқарувидаги “Lacetti” русумли автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилганида автомашинага товар-моддий бойликлари яширилгани аниқланиб, гувоҳлар иштирокида божхона кўригидан ўтказилган.
«Натижада, автомашина орқа ўриндиғи остидаги ёқилғи бакининг ичига хорижда ишлаб чиқарилган, қиймати 26,4 млн. сўмлик 132 дона дори воситалари яшириб жойлаштирилганлиги аниқланди», – дейилади хабарда.
Ушбу постда аниқланган яна бир шунга ўхшаш ҳолатда ҳам фуқаро бошқарувидаги “Cobalt” русумли автотранспорт воситасининг ҳам орқа ўриндиғи остидаги ёқилғи баки ичига қиймати 21,6 млн. сўмлик 108 дона дори воситалари яшириб жойлаштирилганлиги аниқланган.
Ўтказилган божхона кўриги натижасида автотранспорт воситаларида божхона назоратидан яширилган 48 млн. сўмлик 240 дона сифати кафолатланмаган дори воситалари борлиги маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар