Автомобиль рангини ўзгартириш жавобгарликка тортишга асос бўла олмайди

Фото: loveinsuar.live

Ҳозирги кунда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган автомобилнинг олд капоти ҳамда ён томон устунларига қора рангли плёнка ёпиштирганлиги натижасида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан МЖтКнинг 125-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқубузарлик содир этганлиги, яъни тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситасини бошқарганлиги учун жарима жазоси қўлланилганлиги ҳамда автотранспорт воситаси бугунги кунга қадар мазкур Кодекснинг 291-моддаси асосида вақтинча ушлаб турилганлиги маълум қилинган.

Мазкур ҳолатда Адлия вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг фуқарога нисбатан маъмурий жазо чорасини қўллаш билан боғлиқ ҳаракатлари қонунчилик нормаларига зид ҳисоблайди.

Хабарга кўра, «МЖтКнинг 125-моддаси учинчи қисмида ҳайдовчиларнинг тормоз тизимида, рул бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини бошқариши учун жавобгарлик белгиланган».

Автотранспорт воситаларини қайта жиҳозлаш билан боғлиқ масалалар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисида ягона низомнинг 26-иловасига мувофиқ Автотранспорт воситаларини қайта жиҳозлаш учун рухсатнома паспортида кўрсатиб ўтилган.

Мазкур паспортнинг 12-бандида автотранспорт воситаси қайта жиҳозланган деб тан олинадиган ўзгаришлар рўйхати кўрсатилган бўлиб, мазкур рўйхатда автотранспортнинг капот ёки бошқа қисмлари ранги ўзгартирилиши назарда тутилмаган ва бу ҳолат учун рухсатнома талаб қилиниши белгиланмаган.

«Конституциянинг 20 ва 55-моддаларига кўра, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принсипига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак», – дейилади хабарда.

Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракацизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.