Автомобилга газ тўлдириш шохобчаларининг фаолияти вақтинчалик тўхтатилди
Республика бўйича аномал совуқ ҳарорат давом этаётгани сабабли қувурларда газ босимининг кескин пасайиши кузатилмоқда, деб ёзади «Газета.uz» нашри Энергетика вазирлигига таянган ҳолда.
Шу сабабли айрим йирик ишлаб чиқарувчи саноат корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилди ҳамда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти қисқа муддатга вақтинча тўхтатилди.
«Табиий газни биринчи навбатда аҳоли хонадонлари, электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш чоралари кўрилмоқда», — дейилади хабарда.
Вазирликнинг маълум қилишича, ортадиган талабни тўлиқ қондириш мақсадида автобензин ва дизель ёнилғиси маҳсулотлари қўшимча миқдорларда сотувга чиқарилади, шу жумладан, захиралар ҳисобидан ҳам.
Энергетика вазирлиги жамоат транспортидан фойдаланишни, зарурат бўлмаса кўчага чиқмасликни, шунингдек, электр ва газдан тежамкор фойдаланишни тавсия қилмоқда.
Шарҳлар