Бош прокуратура Сариосиёда айиқ отиб ўлдирилгани юзасидан маълумот берди

Ўзбекистон Бош прокуратураси Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида аҳоли ҳаётига хавф туғдирган айиқнинг отиб ўлдирилганлиги ҳолати юзасидан изоҳ берди.

2024 йил 15 май куни соат 10:00 ларда Сариосиё тумани “Жаннатмакон” маҳалласи “Кичик кўл” қишлоғига номаълум томондан қўнғир тоғ айиғи келиб аҳоли орасида ваҳима уйғотган.

Туман ИИБ, туман ободонлаштириш, экология бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ушбу айиқни ушлаш чорасини кўриш вақтида “Жаннатмакон” маҳалласи ёшлар етакчиси С.Хусайиновни судраб, туман ИИБ ХПБ профилактика инспектори катта лейтенант Р.Хасановга ташланган ва унинг ўнг қўли бармоқ сохасига енгил тан жарохати етказган.

Шундан сўнг, маҳаллада жойлашган 74-сонли умумий ўрта таълим мактаби биноси томонга кириб бораётган вақтида мактаб қоровули томонидан мактаб дарвозаси ёпиб қўйилган, шунга қарамасдан айиқ ўзини дарвозага уриб,  мактаб биносига кирмоқчи бўлган.

Мактаб ўқувчиларига ва шу ердаги аҳоли хаётига ҳавф туғдиришини олдини олиш мақсадида туман ИИБ ҳисобида турувчи овчилар жалб қилиниб, айиқ отиб зарарсизлантирилган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, айиқнинг қутурганлигини аниқлаш бўйича лаборатория текширувлари ўтказилмоқда.

Ҳолат Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.