Самарқандда айиқлар чорва молларига ҳужум қилиб, 4 эчкини еб қўйди
Ижтимоий тармоқларда Ургут тумани Сойғўс МФЙ ҳудудида 3 та айиқ маҳаллий аҳолининг қўй-молларига ҳужум қилгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан Самарқанд вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати муносабат билдирди.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат Самарқанд вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ва унинг Ургут тумани инспекцияси давлат инспекторлари томонидан тезкор тартибда назоратга олинган.
Аниқланишича, ушбу ҳолат Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари чегарасида жойлашган Кункўрмас довонининг Қашқадарё вилояти ҳудудида содир бўлган. Сув сатҳидан 2500-2700 метр баландликдаги ушбу ёввойи табиатга тегишли бўлган айиқларнинг яшаш манзилида Ургут тумани Сойғўс МФЙнинг чўпонлари ижара асосида мол-қўйларини боқиб келишаётганда ноёб тур ҳисобланган Ўрта Осиё қўнғир айиқлари тўрт бош эчкини еб қўйган. Бироқ чўпонларга ёки айиқларга талафот етмаган.
Шунингдек, маҳаллий аҳолининг таʼкидлашича, 2 кун бурун кечаси айиқлар Сойғўс МФЙга 2-3 километр яқинликдаги тоғ бағрида ўсувчи мевали дарахтларни ейиш учун тушиб келган. Ҳозирда тегишли мутахассислар томонидан ҳолат назоратга олиниб ўрганиш ишлари давом этмоқда, дейилади хабарда.
Шарҳлар