Суд собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни бошлайди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Миробод туман суди 15 август куни собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни бошлайди, деб хабар бермоқда “Gazeta.uz” Олий суд сайтидаги маълумотларга таяниб.
Азиз Воитовга нисбатан Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айблов эълон қилинган.
- 167-модда 3-қисми «а» ва «в» бандлари (Жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 205-модда 2-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);
- 206-моддаси 2-қисмининг «а» банди (Жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш);
- 209-моддаси 2-қисмининг «а» банди (Мансаб сохтакорлиги).
Мазкур ишда тадбиркорлар Орзубек Отабаевич Ражабов ва Алишер Фазлитдинович Уринбаев ҳам айбланмоқда.
Хусусан, турар жой бўлмаган бинолар қуриш билан шуғулланувчи Тошкентдаги Beltepa Master Stroy МЧЖ таъсисчиси Орзубек Ражабов Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан айбланмоқда:
- 167-модда 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 189-модданинг 1-қисми (Товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш);
- 209-модданинг 1-қисми (Мансаб сохтакорлиги);
- 211-модданинг 1-қисми (Пора бериш);
- 228-модда 2-қисми «а» ва «б» бандлари (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш);
- 228-модданинг 3-қисми (Ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш).
Тошкентдаги Lanell Group (тўқимачилик саноати учун хомашё) ва Rainbow-Teks (пахта толасини тайёрлаш ва йигирув) компанияларининг асосчиси Алишер Уринбаев қуйидагиларда айбланмоқда:
- Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш).
Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири 2023 йилнинг декабрида ҳибсга олинган. Октябрь ойи охирида у ишдан бўшатилганидан сўнг Ҳисоб палатаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида текширув ўтказган.
Воитов 2022 йил августидан 2023 йил октябрига қадар қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган (унинг ўрнини Иброҳим Абдураҳмонов эгаллаган). Бунгача, 2020 йилнинг март ойидан бошлаб у Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Шарҳлар