«Бахти Ташкентский» қўлга олингани расман тасдиқланди

Фото: ГУВД Ташкента

Тошкентда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан «Бахти Ташкентский» ва «Бахти Янгиабадский» лақаби билан танилган 52 ёшли Бахтиёр Қудратуллаев қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

«Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан қўзғатилган жиноят иши тергов қилинмоқда. Мазкур жиноят иши доирасида ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида жиноий фаолият олиб борган бир нечта шахслар гумонланиб ушланди», – дейилади хабарда.

Жумладан:

➖ 1971 й.т. Қудратуллаев Бахтиёр Зафарович (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик; 276-модда 2-қисми, кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш);

➖ 1980 й.т. Шарипов Дилшод Тулкинович  (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик);

➖ 1972 й.т. Мирзаханов Анвар Бабаражабович (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик).

Ушбу шахслар таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга ҳилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган. Жиноят иши доирасида  гумон қилинувчи Б.З.Қудратуллаев, А.Б.Мирзаханов, Д.Т.Шариповлар процессуал тартибда ушланган. Тергов давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати эса “Пойтахт ҳудудида жиноятларни олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилаётганлигини”, – маълум қилган.

Шунингдек фуқаролардан “Хавфсизлик қоидаларига риоя этишларини ва хавотирга берилмасликлари сўралган. Барча ҳаракатлар шаҳримизнинг тинчлик ва осойишталигини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда”, – дейилади ИИББ хабарида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.