Сирдарё вилоятида банкоматни ўмармоқчи бўлган икки талаба 4 йилга қамалди
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида икки нафар талаба йигит пул топиш, мўмайгина даромадга эга бўлиш мақсадида UzCard банкомати, унинг ичидаги пулларни ўмармоқчи бўлди, деб ёзади ЎзА.
Улар тунги вақтда Мирзаобод туманининг Боғистон маҳалласида жойлашган UzCard банкоматини пичоқ, темир очқичлар билан бузишга уринган. Аммо яқин орада турган ИИБ ходимлари уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатига нуқта қўйди. Агар режалари амалга ошганида эди, унча-мунча эмас, нақд 177 млн 395 минг сўмни қўлга киритиб, миллионерга айланишарди, дейилади хабарда.
Ушбу иш Жиноят ишлари бўйича Мирзаобод туман судида кўриб чиқилди. Одил ва Дилшод(исмлар ўзгартилган)нинг вояга етмагани, Ҳамидулла деган йигитнинг ҳам бу жиноятга алоқадорлиги гувоҳларнинг сўзлари, рад этиб бўлмайдиган далиллар билан исботланди.
–Мазкур суд ишида айбдорлар қилмишидан пушаймонлиги, жиноят оқибатида етказилган моддий зарарнинг қопланганлиги инобатга олиниб, суддан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш сўралди, – деди Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Жаҳонгир Турдимуродов. –Аммо суднинг якуний ҳукмига кўра, Одил ва Дилшодга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан тўрт йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ушбу жазони йигитлар умумий тартибли колонияларда ўташлиги суд томонидан белгиланди.
Шарҳлар