Барча таълим муассасаларида овқатланишни аутсорсингга ўтказиш таклиф этилди
Расмийлар барча таълим муассасаларидаги овқатланиш тизимини аутсорсингга ўтказишни таклиф қилмоқда. Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди, деб ёзади “Спутник” нашри.
Ҳужжат матнидан маълум бўлишича, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги барча давлат умумтаълим мактаблари, мактаб-интернатлар ва Меҳрибонлик уйларида аутсорсингга асосланган соғлом овқатланиш жорий этилиши мумкин.
Ўқувчилар учун озиқ-овқат маҳсулотларини аутсорсинг йўли билан харид қилиш тартиби Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари томонидан белгиланади.
Ижарага берувчилар ошхона идишлари ва мебелдан фойдаланганлик учун пул тўламайди. Аутсорсерларнинг ўзлари уларнинг сақланиши учун жавобгар бўлади.
Санитария-эпидемиологик ва жамоат саломатлиги хизмати озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларнинг сифати, санитария-гигиена меъёрларига риоя этилиши, ошхона ходимларининг санитария талабларига амал қилиши устидан назоратни олиб боради.
Агар ҳужжат бир ой муддатда қабул қилинса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва СЭС Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда кунлик рацион нормаларини ишлаб чиқади.
Шарҳлар