Бекободда 28 ёшли аёл ўзини бешинчи қаватдан ташлади
Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги маҳаллалардан бирида 27 март куни кечки пайт икки қизнинг онаси 28 ёшли аёл уйнинг 5-қаватдан ташлаб, вафот этди. Бу ҳақдаги маълумотни Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби тасдиқлади.
Воқеа жойига туман прокурори, туман прокуратураси терговчиси, ИИБ бошлиғи ва тезкор-қидирув гуруҳи етиб келган. Суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Kun.uz нашри 30 март куни вазият тафсилотларини эълон қилди. Нашрнинг ёзишича, аёл мунтазам равишда турмуш ўртоғи томонидан маънавий босим ва жисмоний зўравонликка дучор бўлган. Аёлнинг қариндошлари унинг ўлимида эрини айбдор деб ҳисоблашмоқда.
Воқеа гувоҳларининг нашрга айтишича, йиқилишдан олдин аёл: «Мен яшашни хоҳламайман, сизнинг калтакларингиздан чарчадим» деб қичқирган.
Аёлга уч марта, охирги марта 6 март куни ҳимоя ордери берилган. Ордер зўравон ва жабрланувчи ўртасидаги алоқани, шунингдек, уларнинг бир уйда бирга бўлишини тақиқлайди.
Зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳасининг 1 апрель куни хабар беришича, собиқ эр-хотин 9 йиллик турмуш давомида атиги 3 йил бирга яшаган.
Фожиа юз берган куни 6 ва 2 ёшли қизлар бобоси ва бувиси билан бирга бўлган. Марҳум ҳам ўша ерда яшаган, бироқ ўлимидан бир неча кун олдин уни эри олиб кетган.
Шарҳлар