Беларуснинг Гомель вилояти раҳбари Крупко бошчилигидаги делегация Фарғонада бўлади

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Беларусь Республикасининг Гомель вилояти ижроия қўмитаси раиси Иван Крупко бошчилигидаги расмийлар ва ишбилармонлардан иборат делегация жорий йил 18-21 апрель кунлари амалий ташриф билан Фарғона вилоятида бўлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар беряпти.

«Расмий учрашувлар доирасида Фарғона ва Гомель вилоятлари раҳбарларининг тор ва кенгайтирилган доирадаги учрашувлари бўлиб ўтади. Фарғона вилояти ҳамда Гомель вилояти ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича битим имзоланади. Шунингдек, “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳамда “Гомель-Ратон” эркин иқтисодий зонаси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланиши режалаштирилган», – дейилади хабарда.

Беларусь делегацияси учун ташриф кунлари Фарғона шаҳрида вилоятда ишлаб чиқарилган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади. Фарғона ва Гомель вилоятлари ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида B2B учрашувлар бўлиб ўтади. Музокаралар якуни бўйича келишув ва шартномалар имзоланиши кўзда тутилган. Делегация аъзолари вилоятнинг турли ҳудудларидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан ҳам танишадилар.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.