Белгород губернатори отишмалар сабабли шаҳар аҳолисини эвакуация қилишга тайёрлиги ҳақида билдирди

Таисия Лисковец / Спутник / imago images / Scanpix / LETA

Белгород губернатори Вячеслав Гладков давом этаётган отишмалар туфайли шаҳарни тарк этмоқчи бўлган аҳолига ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. Гладков ўзининг Телеграм-каналида бир нечта оила эвакуация қилинганини таъкидлади ва барча муҳтожларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Эвакуацияни ташкил қилиш учун аҳоли вилоят ёки шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиши ёки кўрсатилган телефон рақамига қўнғироқ қилиши керак. Губернаторнинг аниқлик киритишича, одамларни “Старый Оскол” ва “Губкин”га олиб борилиши, улар зарур муддатгача қулай ва хавфсиз шароитларда жойлаштирилиши режалаштирилган.

Ушбу чора Украина қуролли кучлари 30 декабрь куни Белгород шаҳрига йирик ракета ҳужуми уюштиргани, унда 25 киши ҳалок бўлгани ва юзга яқин одам яраланганидан кейин кўрилган. Шаҳарни ўққа тутиш янги йилда ҳам давом этди: 2 январь куни ҳужум натижасида бир киши ҳалок бўлган, етти киши яраланган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.