Бешта партияга ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловида иштирок этиш учун рухсат берилди
Марказий сайлов комиссиясининг Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Жумладан, жорий йилнинг 16 август куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан ва Ўзбекистон Экологик партиясидан, 17 август куни эса Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан ва Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партиясидан сайловда иштирок этишга ижозат бериш тўғрисидаги аризалар “Э-сайлов” ахборот тизими орқали Марказий сайлов комиссиясига келиб тушди.
Текширув натижаларига кўра ҳар бир сиёсий партия 40 мингдан ортиқ ҳақиқий имзо тўплашга муваффақ бўлганлиги аниқланди.
Сайлов кодексининг 69-моддасига мувофиқ сайловда иштирок этувчи партиялар рўйхати аризаларнинг келиб тушиши навбати тартибида марказий матбуотда эълон қилинади. Шунга кўра, сиёсий партиялардан ҳужжатларнинг келиб тушиши навбатига асосан қуйидаги кетма-кетликда сиёсий партиялар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этишга ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилинди:
- биринчи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига;
- иккинчи, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясига;
- учинчи, Ўзбекистон Экологик партиясига;
- тўртинчи, Ўзбекистон Халқ демократик партиясига;
- бешинчи, Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партиясига.
Маълумот учун, Сайлов кодексининг 31-моддасига асосан Қонунчилик палатаси депутатларининг ягона сайлов округи бўйича сайловида сайлов бюллетенига унда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг номи, рамзий белгиси уларнинг сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбатига мувофиқ кетма-кетликда киритилади.
Шарҳлар