Хоразмда болаларни қарғагани акс этган видеони бехосдан ота-оналар гуруҳига юборган тарбиячи ишдан бўшади
19 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги боғчаларнинг бирида тарбиячиларнинг болаларни қарғагани акс этган видеолавҳа тарқатилди. Мазкур ҳолат вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан тезкор равишда ўрганилди.
Видеолавҳада акс этган ҳолат жорий йил 18 сентябрь куни Қўшкўпир туманидаги 39-сон Давлат мактабгача таълим ташкилотида содир бўлганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш давомида мазкур Давлат мактабгача таълим ташкилотининг 2-ўрта гуруҳ тарбиячиси М.Б ўзининг мобил қурилмасида тарбияланувчилар билан шуғулланаётиб жараённи видеотасвирга олганлиги ва бехосдан шу гуруҳ ота-оналари учун очилган махсус Telegram гуруҳига жойлаганлиги аниқланди.
Ишчи гуруҳи томонидан ташкилот ходимлари ўртасида содир бўлган ҳолат юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, қайта шундай ҳолатлар содир бўлса қонуний чора кўрилиши юзасидан огоҳлантирилди.
Ҳолатга сабабчи бўлган тарбиячи М.Б эса қилган ишидан пушаймон эканлигини билдириб, мазкур гуруҳ ота-оналаридан узр сўраган ва ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаган.
Шарҳлар