Binance криптобиржаси Ўзбекистонда жаримага тортилди
Мамлакатда криптоактивлар муомаласини тартибга солувчи Ўзбекистон истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) халқаро криптобиржалар, жумладан Binance криптобиржасининг лицензиялаш талаблари ва ушбу соҳадаги давлат сиёсатига мувофиқлигини текширди.
Текширув натижасида Ўзбекистон фуқароларига криптоактивлар билан операцияларни амалга ошириш бўйича хизматлар кўрсатиш, аноним ва жиноий криптоактивлар билан операцияларни амалга ошириш, Ўзбекистон ҳудудида электрон платформанинг мавжуд эмаслиги ва криптоактивлар муомаласи соҳасидаги қонун талабларига риоя қилмаслик каби қонунбузарликлар аниқланди.
ИЛМА далолатнома тузиб, Binance криптобиржаси ва компания рўйхатдан ўтган юрисдикция регуляторига 102 миллион сўм (тахминан 8300 доллар) миқдорида жарима солди. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ криптоактивлар билан операциялар фақат миллий провайдерлар орқали амалга оширилиши мумкин.
Шарҳлар