Бирга яшайдиган аёлининг уч ёшли ўғлини ўлдирган фуқаро ҳибсга олинди
Тошкентда ўзининг бирга яшайдиган аёлининг уч ёшли боласини ўлдирган шахс қўлга олинди, дея хабар беради Олий суд матбуот хизмати.
Воқеа 9 июль куни пойтахтнинг Яшнобод туманида содир бўлган. 31 ёшли эркак ўзининг бирга яшайдиган аёли билан ўзаро жанжал пайтида унинг биринчи турмушидан бўлган уч ёшли ўғлига бир неча марта пичоқ уриб, воқеа жойидан қочиб кетган. Бола касалхонага олиб кетилаётган пайтда вафот этган.
Аниқланишича, судланувчининг қонуний оиласи бор, у Фарғона вилоятида туғилган. Унга нисбатан 97-модданинг «в» ва «г» бандлари (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Эркак қамоққа олиниб, суд-психиатрия экспертизаси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, 11 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” партиясининг етакчиси Алишер Қодиров Тошкентда уч ёшли боланинг ўлдирилишига муносабат билдирган эди.
“Бизнинг солиқлар ҳисобига ҳайвонга айланган жиноятчини сақлаш, унинг соғлиғини сақлаш, овқатлантириш ва унинг қўлидан яна бошқа бировнинг ўлишини кутишдан маъно йўқ. Жамиятни бундай одамлардан тозалаш керак!”, – деганди депутат.
Шарҳлар