Блогер Олимжон Ҳайдаровга янги айбловлар қўйилди
10 октябрь куни Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан терговни якунлаб, 13 октябрь куни ишни Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судига ўтказди, деб ёзади “Газета.uz” нашри. Унга 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.
Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг сўзларига кўра, 10 октябрь куни тергов органи Ҳайдаровга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш), 139-моддаси 3-қисми «а» банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш), 140-моддаси 3-қисми «а» банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш), 165-моддаси 2-қисми «а» «б» бандлари (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш) билан айб эълон қилинган.
Айбланувчининг адвокати Дилшод Жабборов блогерга қўйилган айбловлар ўз тасдиғини топмаган, деб ҳисоблашини айтган.
Шарҳлар