Блогер Олимжон Хайдаров судини видео ва аудиога ёзиш рад қилинди

Фото: Олимжон Хайдаров / Facebook

Танқидий чиқишлари билан танилган фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров жиноят содир этганликда гумонланиб, 29 июль куни ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинганди. У «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси раҳбарларидан салбий мазмундаги мақолани интернетда тарқатмаслик эвазига 10 000 доллар талаб қилганликда айбланиб қамоққа олинган эди.

10 октябрь куни эса Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан терговни якунлаб, 13 октябрь куни ишни Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судига ўтказилганлиги эълон қилган. Суд мажлиси 30 октябрь кунига белгиланган ва бир оз муддат ўтгач суд куни 31 октябрга кўчирилгани хақида хабар берилганди.

Бугун жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми “а”, 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган О. Ҳайдаров (1989 йилда Россия Федерациясида туғилган, блогер, муқаддам судланмаган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар беряпти.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси А. Эргашев раислигида кўриб чиқилмоқда.

Суд мажлиси очиқ деб эълон қилингач, дастлаб судланувчининг ҳимоячиси томонидан суд жараёни мобайнида аудио ва видеоёзувни амалга ошириш ҳақидаги илтимосномаси юзасидан тарафлар фикри тингланди. Жиноят иши доирасидаги жабрланувчиларнинг шахсига доир маълумотлар оммага ошкор этилишини хоҳламаслиги боис илтимосномани рад қилиш ҳақидаги фикрлари инобатга олиниб, суд судланувчининг ҳимоячиси келтирган илтимосномани рад қилиш ҳақида ажрим чиқарди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур жиноят иши очиқ суд мажлисида кўрилаётганлиги боис жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари унда кузатувчи сифатида иштирок этишлари мумкин.

«Суд жараёни давом этмоқда. Қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилади», – дейилади хабарда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.