Блогердан пул олиш учун Тошкент марказига қарийб 200 киши тўпланди
Интернет тармоғида Амир Темур ҳайкали ёнида россиялик блогер Subo билан учрашиш учун тўпланган ёшлар тўдаси акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ушбу воқеага изоҳ берди, деб ёзади UzNews нашри.
Маълум бўлишича, 22 ёшли блогер Subo (Субхон Мамедов) ўзининг Instagram тармоғидаги саҳифасида 13 июль куни соат 23:00 да учрашув ўтказиши ва обуначиларга пул тарқатиши ҳақида ёзган.
ИИББ тарқатган маълумотга кўра, тайинланган вақтда Амир Темур ҳайкали олдида 150-200 га яқин киши тўпланган.
Ҳозирги кунда эпидемиологик вазиятни инобатга олиб, юртимизда карантин чекловлари ўрнатилганлиги сабабли, ИИО ва Миллий гвардия ходимлари томонидан фуқароларга карантин қоидаларига риоя этишлари ҳамда оммавий равишда тўпланмасликлари тушунтирилган ва фуқаролар тарқатилган. Блогер Мамедов С. билан профилактик суҳбат ўтказилган, дейилади хабарда.
Шарҳлар