Президент БМТ Бош котибининг ўринбосари билан учрашди

Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 14 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, «БМТ-аёллар» тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

БМТнинг гендер тенглик масалалари бўйича етакчи институти раҳбари Президентга Бош котиб Антониу Гутерришнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Хабарга кўра, «учрашувда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг мавқеини тубдан яхшилаш ва жамиятдаги мақомини оширишга қаратилган самарали ислоҳотларга юксак баҳо берилган ва мамлакатнинг «БМТ-аёллар» тузилмаси билан конструктив ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган».

Осиё хотин-қизлари форумининг самарали якунлари юқори баҳоланган. Ушбу форумни Осиё минтақасида аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш масалалари бўйича доимий мулоқот платформасига айлантириш муҳимлиги таъкидланган ҳамда ўзаро ҳамкорлик бўйича, шу жумладан минтақавий даражадаги аниқ лойиҳа ва дастурларни ўз ичига олган ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган дастурни қабул қилиш зарурлиги қайд этилган.

«БМТ-аёллар» тузилмасининг Ўзбекистонда ваколатхонасини очиш масаласи қўллаб-қувватланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.