Президент БМТ Бош котибининг ўринбосари билан учрашди
15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Минтақавий экспертлар кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турган БМТ Бош котибининг ўринбосари – Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронковни қабул қилди.
Учрашув аввалида Владимир Воронков давлатимиз раҳбарига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистоннинг БМТ институтлари ва тузилмалари билан, энг аввало, терроризм ва бошқа трансмиллий хатар ва таҳдидларга қарши кураш соҳасидаги амалий ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
«Терроризмга қарши кураш бошқармаси фаолиятини қўллаб-қувватлагани учун мамлакатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Владимир Воронков Минтақавий экспертлар кенгашини ташкил этиш ташаббуси амалга оширилгани учун Ўзбекистон томонига алоҳида миннатдорлик билдирди. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ушбу ноёб механизмнинг биринчи йиғилиши муваффақиятли якунлангани таъкидланди», – дейилади хабарда.
БМТ Бош котибининг ўринбосари, шунингдек, Ўзбекистоннинг можаролар ҳудудларидан фуқароларни қайтариш, уларни реабилитация қилиш ва жамиятга қайта интеграция қилиш, жумладан, бунда маҳалла институтининг кенг имкониятлари ва салоҳиятидан фойдаланиш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Ўзбекистон ва БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини назарда тутувчи 2024–2025 йилларга мўлжалланган янгиланган «йўл харитаси» имзолангани мамнуният билан қайд этилди.
Шарҳлар