БМТ Ўзбекистон ташаббуси билан яна бир резолюция қабул қилди
13 август куни Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси бир овоздан “Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорлар барпо этиш, дарахт экиш ва уларни тарғиб қилиш – экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими” резолюциясини қабул қилди.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакатда ҳаётга татбиқ этилаётган, шаҳар ва қишлоқ ҳудудларини кўкаламзорлаштириш орқали биология хилма-хиллигини сақлаш ва тиклашга қаратилган “Яшил макон” миллий дастури концепцияси асосида ишлаб чиқилган.
Мазкур ташаббусда давлат раҳбарининг Бош Ассамблея 78-сессияси ва БМТ Иқлим бўйича 28-конференциясида иқлим ўзгариши ва ер деградациясига қарши самарали курашиш борасида билдирган асосий таклифлари ўз ифодасини топган.
Резолюцияга 100 дан ортиқ аъзо давлат, жумладан Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, Озарбайжон, Австрия, Белгия, Баҳрайн, Венгрия, Германия, Италия, Иордания, Индонезия, Қатар, Хитой, Саудия Арабистони, Латвия, Мўғулистон, Марокаш, Ўмон, БАА, Покистон, Португалия, Россия, Корея Республикаси, Туркия, Франция ва дунёнинг турли минтақаларидан бошқа давлатлар ҳаммуаллифлик қилди.
Шарҳлар