БМТТД Ўзбекистон қишлоқ аҳолиси учун яшил кредитлашни ривожлантиришга кўмаклашади
Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, иқтисодиётнинг яшил ўзгаришлари даврида ҳавога чиқариладиган чиқиндиларни камайтириш, табиий ресурсларни тежаш ва турли тармоқларда, жумладан, қишлоқ жойларида муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Фуқароларни муқобил энергия манбалари ва бошқа энергия тежамкор технологиялардан фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон банклари қишлоқ аҳолисига “яшил” кредитлар ажратмоқда.
“Яшил” кредитлашнинг мазмун-моҳияти ва уни аҳоли томонидан олиш механизмларини чуқурроқ тушунтириш мақсадида Ўзбекистоннинг ўн бир вилоятида маҳаллий банклар, ҳокимликлар ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари, жумладан, аёллар учун тренинглар ўтказилди. Ушбу ташаббус БМТТД/ГЭФ ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси фаолиятининг бир қисмидир.
2023-йил июл ойида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Тармоқлараро энергия тежаш жамғармаси БМТ Тараққиёт дастурининг 833 минг доллар миқдоридаги грантини жалб қилди. Маблағлар аҳолининг қайта тикланадиган манбалардан электр энергияси ишлаб чиқарадиган қурилмалар ва энергия тежовчи ускуналарни харид қилишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Жамғарма қуёш фото панеллари ва шамол генераторларини харид қилиш учун ҳамкор банклар томонидан ажратилган “яшил” истеъмол кредитлари миқдорининг 30 фоизигача бўлган қисмини грант орқали қоплайди. Аёллар ва қизлар учун компенсация миқдори 37,5 фоизгача бўлади. Шу тариқа, лойиҳа аёллар ўртасида қайта тикланадиган энергия қурилмаларини харид қилиш ва гендер тенглигини қўллаб-қувватлашга қаратилади.
Ўқув машғулотларида Навоий шаҳридан “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассиси Нозима Муҳаммадиева иштирок этиб, ўтказилган машғулотларни “Қишлоғимда аёлларнинг қуёш батареяларини ўрнатиш учун кредит олиши мумкинлиги ҳақида ҳабардор қиламан, нега деганда, унинг 37 фоизи лойиҳа томонидан қопланар экан. Бу, айниқса, аёллар учун ҳаёт сифатини оширишда катта қўллаб-қувватлаш ва рағбатдир шунингдек электр қуввати тақчиллигидан азият чекаётган давримизда фойдали ва ўз вақтида бизга бўлган муҳим эътибор деб ҳисоблайман”, – дейди Нозима Муҳаммадиева.
Ўзбекистон Президенти 2023-йил 16-февралда “2023-йилда қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжатда аҳоли учун қатор имтиёзлар берилган. 2023-йил 1-апрелдан умумий қуввати 100 кВт гача бўлган қайта тикланадиган энергия манбаларини ўрнатиш жисмоний ва юридик шахсларни мазкур иншоотлар эгаллаб турган ер участкалари бўйича мол-мулк солиғи – мазкур иншоотларга мувофиқ, ер солиғи тўлашдан озод қилади.
Тренингларда Ўзбекистоннинг ўн бир вилоятидан жами 750 нафар киши қамраб олинди.
Шарҳлар