Ҳиндистонда Бобур ҳақида фильм суратга олинаётгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқлиги маълум қилинди
Ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида фильм олинаётгани ва номи “Буюк мўғул императори Бобур” экани айтилаётган хабарлар тарқалди. Ҳатто фильм тизерлари ҳам тармоқларга ёйила бошлади. Ушбу ҳолат юзасидан Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов муносабат билдирди.
“Буюк бобокалонимиз билан боғлиқ тарих ҳақида дунё аҳлини чалғитиш каби бу ҳолат мамлакатимиз жамоатчилигини, зиёлиларни ташвишга солиб, кескин муносабатларга сабаб бўлди. Шу қатори мени ҳам бу ҳолат қаттиқ ташвишга солди ва тегишли давлат ташкилотлари, элчихоналар билан вазият юзасидан маълумот олиш учун боғландим, — деб ёзади сиёсат фанлари доктори. — Айтиш лозимки, фильм ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ ва бунга ойдинлик ҳам киритилмоқда. Албатта, бу масалага яна аниқлик киритиб, қўшимча хабар берилади”.
Отабек Ҳасанов Кинематография миллий агентлиги билан ҳам суҳбатлашган. “Хабарингиз бор, Ўзбекистонда энг қадимги ўтмишдан то яқин тарихгача бўлган даврни ўз ичига олган «Тирик тарих» лойиҳаси доирасида саркардаларимиз, алломалар ҳакида туркум фильмлар яратилмоқда. Бу лойиҳа ҳам тез орада ўз самарасини бериб, миллий ўзлигимиз билан боғлиқ тарихимиз экранларда гавдаланади. Лекин шу ўринда мени хурсанд қилгани, миллий ғурур, ватанпарварлик шунчаки китоблару, қуруқ сўзларда эмас, халқимиз онгу шуурида яшамоқда, кенг жамоатчилик эса бу каби ҳолатларга асло бефарқ эмас. Бу эса айнан Президентимиз айтган,таҳликали вазиятларда миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар жасорат билан майдонга чиққаётганликларининг бир кўринишидир”, — дея қайд этди у.
“Ўз навбатида, Республика Маънавият ва маърифат маркази кенг жамоатчиликка, зиёлиларга бефарқ бўлмагани, аждодларимиз билан боғлиқ тарихимизни тарғиб қилиш ҳақидаги фикрлари учун миннатдорчилик билдиради. Биз миллат масъулияти йўлида ҳамфикр бўлсак, бирлашсак, бу каби қадриятимиз, тарихимиз, ўзлигимизга қаратилган таҳдидларга қарши тура оламиз”, — дея ўз постига якун ясади Маънавият ва маърифат маркази раҳбари.
Шарҳлар