Бобур Бекмуродов Россия ҳукуматини Прилепиннинг тажовузкор сўзларига эътибор қаратишга чақирди

Фото: Пресс-служба конституционной комиссии

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати Бобур Бекмуродов ҳам Захар Прилепиннинг баёнотига нисбатан ўз муносабатини билдирди.

“Рус сиёсатчиларининг бундай қарашлари шубҳасизки, ўзбекистонликлар орасида Россия Федерациясига салбий муносабатни кучайтирмоқда”.

“Рус сиёсатчилари агрессив кайфият ва сўзлар билан дўст орттириб бўлмаслигини англаб етиши зарур.  Айнан шундай агрессив ҳаракатлари дўстона муносабатдаги мамлакатлар билан алоқаларнинг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда”, – деб ёзади Бобур Бекмуродов ўзининг Телеграмканалида.

Бекмуродов ўз мурожаатида бундай ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида Захар Прилепинни қатъий огоҳлантиради.

“Прилепин ва бошқа рус сиёсатчилари илгари сураётган бундай қарашлар иллюзиядан бошқа нарса эмас. Кимгадир ёқадими, ёқмайдими, Ўзбекистон мустақил, мустаҳкам суверенитетга эга мамлакатдир”.

Бобур Бекмуродов  Россия ҳукуматини иттифоқчи мамлакатга нисбатан бундай агрессив баёнотларга эътибор қаратишга ва уларга батамом чек қўйишга чақиради.

“Прилепин бу гаплари билан Россия Конституциясининг ўзга давлатлар билан тинч ҳаёт кечириш, ички ишларига аралашмасликни назарда тутувчи 79.1 моддасига зид чиқмоқда”, – дея хулоса қилади Бекмуродов.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.