Boeing 737 MAX 9 парвозлари АҚШ, Европа ва Туркияда тўхтатилди
Boeing 737 MAX 9 самолётларидан фойдаланиш АҚШ, Европа ва Туркияда вақтинчалик тўхтатилди. Бу қарор 2024 йилнинг 5 январида ушбу самолётлардан бирининг парвози вақтида фавқулодда чиқиш эшиги узилиб кетган воқеадан сўнг қабул қилинди.
Америка Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси (FAA) баъзи Boeing 737 MAX 9 самолётларининг парвозларини вақтинчалик тўхтатганини эълон қилди. Бу чора АҚШда ёки Америка авиакомпанияларида фойдаланиладиган самолётларни қамраб олади.
FAA, шунингдек, ушбу самолётларни қўшимча текширишни талаб қилмоқда. Кўриб чиқиш жараёни тўрт-саккиз соат давом этиши ва бутун дунё бўйлаб 171 самолётни қамраб олиши керак. Европа парвозлар хавфсизлиги агентлиги (EASA) гарчи бу самолётлар Европада ишлатилмаса ҳам FАА директивасини қўллаб-қувватлади. Буюк Британия Boeing 737 MAX 9 самолётларида учадиган авиакомпанияларни FАА директивасига риоя қилишни талаб қилди.
Turkish Airlines компанияси ушбу русумдаги бешта самолётни текшириш учун фойдаланувдан тўхтатди.
АҚШда Boeing 737 MAX 9 нинг асосий операторлари United Airlines (79 та самолёт) ва Alaska Airlines (65 та самолёт) компаниялари ҳисобланади. Охирги компания Портленд аэропортидаги воқеадан кейин барча 65 та самолётдан вақтинча воз кечишга мажбур бўлди. У ерда Boeing 737 MAX 9 чиқиш эшигини йўқотганидан кейин фавқулодда қўнишни амалга оширган. Самолёт бортида 171 нафар йўловчи ва олти нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳеч ким жабрланмаган.
2024 йил 5 январь куни Alaska Airlines авиакомпаниясининг Boeing 737 MAX 9 самолёти билан ҳодиса юз берди. Портленд аэропортидан кўтарилгандан сўнг, 35 дақиқадан кейин самолёт фавқулодда қўнишга мажбур бўлди. Сабаби, парвоз вақтида фавқулодда чиқиш эшиги узилиб кетган. Самолёт бортида 171 йўловчи ва олти нафар экипаж аъзоси бўлган, бироқ ҳеч ким жабрланмаган. Ушбу ҳодисага жавобан Alaska Airlines ушбу русумдаги 65 та самолётнинг барчасини вақтинча фойдаланувдан тўхтатишга қарор қилди.
Бу Boeing 737 MAX самолётларидаги муаммолар билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. 2019 йил баҳорида, олти ой ичида содир бўлган иккита фожиали ҳалокатдан сўнг, дунёнинг кўплаб авиаташувчилари ушбу самолётлар парвозини вақтинча тўхтатишга қарор қилишганди. Биринчи ҳалокат 2018 йил 29 октябрда Индонезияда Lion Air самолёти билан, иккинчиси 2019 йил 10 мартда Эфиопияда Ethiopian Airlines лайнери билан содир бўлган. Иккала ҳолатда ҳам жабрланганларнинг умумий сони 346 кишини ташкил қилган.
Шарҳлар