Бола ҳуқуқи ва эркинликлари ҳимояси бўйича даъво аризаси билан мурожаат қилганлар давлат божи тўлашдан озод қилиниши лозим
Бола ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириб бориш “Адолат”СДП диққат марказида бўлган муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Партиямиз Сайловолди дастурида ҳам боланинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича даъво аризаси билан чиққанларни давлат божи тўлашдан озод қилиш ташаббуси илгари сурилмоқда.
Судларга болаларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, қариндошлик, васийлик ёки мерос ва бошқа фуқаролик ҳуқуқлари билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш мақсадида даъво аризалари келиб тушади. Бундай ҳолларда иқтисодий тўсиқлар сабаб бола ҳуқуқларининг таъминланмай қолишига йўл қўйиб бўлмайди.
Партиямизнинг юқоридаги таклифи бола ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтиришни назарда тутади.
Хорижий тажрибага эътибор берилса, Россия ва қўшни Қозоғистонда боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича даъво аризаси билан мурожаат қилган шахслар бож тўлашдан озод қилиниши аён бўлади. Германия ва Буюк Британияда ҳам бундай ҳолатларда агар даъвогар тўлов қобилиятига эга бўлмаса, суд уни бож тўлашдан озод қилиши мумкин.
Партиямиз илгари сураётган мазкур ташаббуснинг амалга оширилиши болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.
*Реклама ҳуқуқи асосида
Шарҳлар